Саволнинг ID си: 6517
Лизинг ташкилоти ягона солиқ тўловчисидир. 2013 йилнинг 31 декабрида ташкилот ўз хўжалик эҳтиёжлари учун маъмурий бинони сотиб олди ва ундан 2015 йил июлгача фойдаланди. 2015 йилнинг июлида ушбу бинони бошқа корхонага лизинг шартномаси асосида берди. Ташкилот 10.05.2012й. 1754-сон Президент Қарорига асосан ЯСТдан 01 январь 2017 йилгача имтиёзга эга.
Лизинг ташкилоти ўзига тегишли маъмурий бинони лизингга реализация қилишидан кўрилган даромад солиқдан озод қилинадими?
Экспертларнинг жавоблари:

Йўқ, ушбу ҳолатда солиқ имтиёзи қўлланилмайди.

Лизинг шартномаси асосида лизинг берувчи лизинг олувчининг топшириғига биноан сотувчидан лизинг шартномасида шартлашилган мол-мулкни (лизинг объектини) мулк қилиб олади ва уни лизинг олувчига ҳақ эвазига беради (Ўзбекистон Республикасининг 14.04.1999 й. 756-I-сон "Лизинг тўғрисида"ги Қонунининг 2-моддаси).

Келажакда лизинг олувчига лизинг бўйича топшириш мақсадида мол-мулкни ўзига мулк қилиб олувчи шахс лизинг берувчи деб тан олинади (Фуқаролик кодексининг 589-моддаси).

Сиз маъмурий бинони лизинг олувчининг топшириғисиз ўз эҳтиёжларингиз учун сотиб олгансиз, ундан 1,5 йил мобайнида фойдалангансиз. Сиз томонингиздан тузилган шартнома лизинг шартномаси дея тан олинмайди, балки “молиявий ижара” сифатида қаралади.

 10.05.2012й. 1754-сон Президент Қарорига 5-иловага мувофиқ солиқ имтиёзлари мулкни лизингга бериш хизматини кўрсатувчи микрофирма ва кичик корхоналарга тадбиқ этилади. Молиявий ижарадан олинган даромадларга юқорида кўрсатилган Қарор билан белгиланган солиқ имтиёзлари қўлланилмайди.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.