Саволнинг ID си: 6614
Ташкилотимиз лизинг хизматларини кўрсатиш билан шуғулланади. ОКОНХ коди - 96190. Солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибни қўллаймиз. 10.05.2012й. 1754-сонли Президент Қарорига асосан 2017 йилнинг 1 январигача ЯСТ бўйича имтиёзга эгамиз. Ташкилотимизда лизинг шартномалари лизинг олувчининг расмий аризасига асосан тузилади. Булгуси лизинг олувчи ўз аризасида барча истакларини кўрсатиб ўтади (лизинг объектининг сотувчиси, лизинг объектининг номи, нарҳи, сони ва ҳ.к.). Бундан ташқари лизинг олувчи лизинг объектининг бошланғич қийматидан 3-4% миқдорида бир марталик маржани тўлашга расмий розилик беради. Лизинг шартномаларини амалга оширишда ташкилотимизда бир марталик маржа кўринишидаги даромадлар юзага келади.
Бир марталик маржа (даромад) 10.05.2012й. 1754-сонли Президент Қарорига асосан ЯСТдан озод қилинадими? Ёки ундан солиқ тулаш керакми?
Экспертларнинг жавоблари:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.05.2012 йилдаги «2012-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисидаги» ПҚ-1754-сонли қарори 5-иловасига мувофиқ рўйхат бўйича алохида хизматлар кўрсатаётган микрофирмалар ва кичик корхоналар фойда солиғи ҳамда ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этилган. Имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2017 йилнинг 1 январигача узайтирилган (қарорнинг 4-банди).

Юқоридаги қарорда белгиланган рўйхат бўйича алохида хизматлар кўрсатаётган юридик шаҳслар учун имтиёзлар «Айрим хизматларни кўрсатаётган юридик шахслар учун фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисидаги» Низомда белгиланган тартибда қўлланилади (АВ рўй. № 1594 17.07.2006й.).

 «Ижара ҳисоби» 6-сон БҲМС мувофиқ (АВ рўй. N 1946 24.04.2009й.), ижарага (лизингга) берувчининг фоизли даромади - ижара (лизинг) тўловларининг қисми ҳисобланади ва ижара (лизинг) тўловлари билан қопланадиган лизинг объекти қиймати ўртасидаги фарқ сифатида аниқланадиган,.

«Лизинг тўғрисидаги» ЎзР Қонунининг 22 моддасига мувофиқ (14.04.1999й. № 756-1), лизинг тўловлари шартноманинг бутун амал қилиш муддатига тақсимланади ва бўлиб-бўлиб тўланади. Лизинг тўловларининг миқдорлари ва даврийлиги лизинг шартномаси билан белгиланади

Одатда, бир марталик маржа тўлови мулкни лизингга бериш билан боғлиқ бўлган лизингга берувчининг қўшимча харажатларини қоплаш мақсадида лизинг шартномасида кўзда тутилади. Бир марталик фоизли маржа лизинг тўловлари таркибига кирмайди.

Шунинг учун, бир марталик маржа кўринишида олинган даромадларни бевосита лизинг хизматларини кўрсатишдан олинган даромад сифатида қаралмаслиги мумкин.

1594-сонли Низомнинг 5 бандига асосан, имтиёзли хизматлар турини кўрсатишдан тушган соф фойда товарлар (ишлар, хизматлар) сотишдан тушган фойда умумий ҳажмининг 80 ва ундан ортиқ фоизини ташкил этсагина, белгиланган имтиёзлар микрофирмалар ва кичик корхоналарнинг барча даромадларига татбиқ этилиши мумкин.

Фаолиятнинг бир нечта турлари амалга оширилганда, имтиёзли хизматларни кўрсатишдан тушган соф улуш имтиёзли хизматларни кўрсатишдан тушган соф фойдани умумлаштириш ва ҳосил бўлган суммани барча турдаги фаолиятдан товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотишдан тушган соф фойдага бўлиш йўли билан аниқланади.

Агар мазкур имтиёзли хизматларни кўрсатишдан тушган соф фойда улуши 80 фоиздан камни ташкил этса, белгиланган имтиёзлар ушбу хизматларни кўрсатишдан олинган даромад (фойда)гагина татбиқ этилади.

Демак, имтиёзли хизматлар турини кўрсатишдан тушган соф фойда барча фаолият турларидан тушган фойда ҳажмининг 80 ва ундан ортиқ фоизини ташкил этсагина, белгиланган имтиёзлар бир марталик маржа кўринишидаги даромадларга ҳам қўллашимиз мумкин бўлади. Бунда, имтиёзли хизматларни кўрсатишдан тушган соф улушни аниқлашда, бир марталик маржа кўринидаги даромадлар имтиёзли хизматлар турини кўрсатишдан тушган соф фойдага қўшилмайди.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.