Саволнинг ID си: 6761
Ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ умумбелгиланган солиқ тўловчиси ҳисобланади. МЧЖ улгуржи савдо фаолияти учун лицензия олмоқчи.
Ишлаб чиқарувчи корхона улгуржи савдо фаолияти учун лицензия олиб улгуржи савдо билан шуғулланишни бошласа ягона солиқ тўловига ўтиши шартми?
Экспертларнинг жавоблари:

Умумбелгиланган солиқ тўловчиси бўлган ишлаб чиқариш корхонангиз 2016 йил якунлари бўйича асосий фаолияти улгуржи савдо бўлса, фақат шу ҳолатдагина ягона солиқ тўловига 2017 йилдан бошлаб ўтиши шарт бўлади. 2016 йил охиригача умумбелгиланган солиқларни тўлашингиз мумкин, ҳаттоки фаолиятингиз савдо-сотиқ билан боғлиқ бўлса ҳам.

Масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланади ва умумбелгиланган солиқларни тўлайди. Умумбелгиланган солиқларни тўлаш агар корхона кичик бизнес субъекти бўлса ўз ҳоҳишига кўра, ёки корхона 2015 йил якунларига кўра йирик корхона бўлса мажбурий тарзда белгиланади. Улгуржи савдо фаолиятига лицензия олиниши ҳамда 2016 йилда савдо фаолиятини амалга ошириши танланган солиққа тортиш тартибига таъсир қилмайди, чунки 2015 йил якунига кўра корхона ишлаб чиқарувчи корхона ҳисобланган, савдо корхонаси эмас. Мос равишда, ягона солиқ тўловига ўтиши шарт эмас. Шунингдек,  “Улгуржи савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини бўнак тўловларини ҳисобга олган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом” (АВ томонидан 14.01.2010 й. 2065-сон билан рўйхатга олинган) нормалари ҳам корхонага нисбатан тадбиқ этилмайди, чунки корхона ишлаб турган корхона бўлиб, у умумбелгиланган солиқ тўловчисидир. Бундай корхоналарга ушбу Низом тартиблари тадбиқ этилмайди. Солиққа тортиш тартибини фақатгина 2016 йил якунларига кўра корхонанинг асосий фаолияти ишлаб чиқариш ёки савдо фаолияти эканлигига қараб ўзгартириш мумкин.

Асосий фаолият тури – улгуржи савдо

Агар 2016 йил якунларига кўра корхона савдо корхонаси бўлиб чиқса (ХТТУТ коди ўзгаради), унда корхонангиз кичик ёки йириклигидан қатъий назар 2017 йилда сиз алоҳида – алоҳида ҳисоб юритишингиз ва ишлаб чиқариш фаолият туридан ҳам, савдо фаолиятидан ҳам белгиланган ставкаларда танлов ҳуқуқисиз ягона солиқ тўловини тўлашингиз керак бўлади. Аҳамият бериш керакки, кўптармоқли корхона бир вақтнинг ўзида ҳам ягона солиқ тўловчиси, ҳам умумбелгиланган солиқ тўловчиси бўла олмайди. Ягона солиқ тўлови 2017 йилнинг бошидан бошлаб тўланиши керак бўлади (Солиқ кодексининг 352-моддаси). Агар савдо корхонаси 2017 йилнинг кетма кет иккита чораги давомида асосий фаолият тури савдо фаолияти бўлмаса у умумбелгиланган солиқлар тўловига ўтиши мумкин.

Асосий фаолият тури – ишлаб чиқариш

Агар 2016 йил якунларига кўра корхонанинг асосий фаолият тури ишлаб чиқариш бўлса, корхона умумбелгиланган солиқ тўловида қолиши мумкин, бунда корхонанинг катта кичиклиги ёки иккинчи (асосий бўлмаган) фаолият тури савдо фаолияти бўлиши аҳамиятли эмас. Агар МЧЖ кичик бизнес субъектларига кирса (асосий фаолият тури учун белгиланган ходимлар сонига асосан) 2017 йил давомида корхона ўз ҳоҳишига кўра ягона солиқ тўловига ўтиши мумкин. Бунинг учун кейинги ҳисобот даври (чорак)дан бир ой олдиндан кеч бўлмаган муддатда солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органини ягона солиқ тўловини тўлашга ўтиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган шаклда ёзма равишда хабардор этиши керак (Солиқ кодексининг 351-моддаси).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.