Саволнинг ID си: 6770
Бизнинг ходимимизнинг онаси намунавий ўй-жой қурилиши учун Қишлоқ қурилиш банкидан кредит олган. Бизнинг ходимимиз, яъни кредит олган шахснинг ўғли унга кафил бўлган. Ҳозирги вақтда кредит ва унга ҳисобланган фоизларни кафил (ўғли) ўз ойлик маошидан тўламоқда.
Корхона ходими томонидан (кафил сифатида) ўз онаси олган кредитни қайтаришга ва кредит фоизларини тўлашга йўналтирилган меҳнат ҳақи жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортиладими?
Экспертларнинг жавоблари:

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 179 моддаси 30 бандига асосан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қуришни ушбу мақсадлар учун кредитлар бериш қонун ҳужжатларига мувофиқ зиммасига юклатилган банкларнинг кредитлари ҳисобидан амалга ошираётган қурувчи шахслар, шунингдек уларнинг мазкур кредитлар бўйича биргаликдаги қарз олувчи бўлган оила аъзолари томонидан олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилган солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаларига солиқ солинмайди.

СКнинг 22 моддасига мувофиқ ота-оналар ёки фарзандликка олувчилар ва болалар, шу жумладан фарзандликка олинганлар оила аъзолари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 292 ва 293 моддаларига кўра кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади. Кафил кредитор олдида қарздор билан баравар ҳажмда жавоб беради, шу жумладан фоизлар тўлайди, қарзни ундириб олиш бўйича суд чиқимларини ва қарздор мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги туфайли кредитор кўрган бошқа зарарларни тўлайди.

Ходимингиз, онаси олган ипотека кредити бўйича биргаликдаги қарз олувчи оила аъзоси сифатида ўз иш ҳақи ва бошқа даромадларини кредит ҳамда ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирса, у юқорида кўрсатилган имтиёзлардан фойдаланишга ҳақли бўлади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.