Саволнинг ID си: 7584
Давлат улуши мавжуд бўлган жамиятда солиқ текшируви ўтказилаётганда солиқ инспекторлари жамиятнинг муддати уч йилдан ўтган кредиторлик қарзларини аниқлашган. Текширувчилар Солиқ кодексининг 136-моддаси ва унга берилган шарҳларни асос қилиб олиб ҳали ҳисобдан чиқарилмаган кредиторлик қарзларни молиявий натижаларнинг даромад қисмига олиб, ушбу суммага фойда солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ва дивиденд солиғи, ҳамда давлат улуши ҳиссаси миқдорида дивидендларни қўшимча тарзда ҳисоблашди. Текширувчиларнинг хулосаларини қуйидагиларга мувофиқ асоссиз деб ҳисоблаймиз: Солиқ кодексининг 136-моддасида мажбуриятларни ҳисобдан чиқаришдан олинадиган даромадларга фақат ҳисобдан чиқарилган мажбуриятлар кириши белгиланган. Ҳақиқатдан ҳам ушбу моддага берилган шарҳларда даъво муддати ўтган кредиторлик қарзларни ҳисобдан чиқарилиши ва солиқ солинадиган даромадларга қўшилиши керак деган кўрсатма берилган. Аммо 2012 йилда нашрдан чиққан Солиқ кодексининг шарҳларига норматив-ҳуқуқий ҳужжат мақоми берилмаган.
Солиқ текшируви ўтказилаётганда солиқ инспекторлари даъво муддати ўтган кредиторлик қарзларни жамият даромадига ҳисобдан чиқариб, унинг суммасига қўшимча солиқ ва дивидендларни ҳисоблашга ҳақлими? Солиқ тўловчиларга муддати уч йилдан ўтган кредиторлик қарзларни ҳисобдан чиқариб солиққа тортиш мажбуриятини юкловчи қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд?
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳа, солиқ текшируви ўтказаётган инспекторлар даъво муддати ўтган кредиторлик қарзларни жамият даромадига ҳисобдан чиқариб, унинг суммасига қўшимча солиқларни ҳисоблашга ҳақли.

Солиқ кодексига мувофиқ солиқ тўловчилар зиммасига бир қатор мажбуриятлар юклатилган. Улар жумласида қонун хужжатларига мувофиқ бухгалтерия ҳисобини юритиш, молиявий ва солиқ ҳисоботини тузиши, ўз солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажариш (СК 32-мод.).

Молиявий ва бошқа ҳисоботлар бухгалтерия ҳисоби асосида тузилади. Бухгалтерия ҳисоби эса барча хўжалик операцияларини яхлит, узлуксиз, ҳужжатлар асосида ҳисобга олиш йўли билан бухгалтерия ахборотини йиғиш, қайд этиш ва умумлаштиришнинг тартибга солинган тизимда юритилиши лозим («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 4-мод., кейинги матнларда Қонун).

Ҳўжалик субъектининг раҳбари бухгалтерия ҳисоби тўлиқ ва ишончли юритилишини ва унинг асосида молиявий ҳисоботнинг тайёрланишини таъминлаши шарт (Қонуннинг 11-мод.). Молиявий ҳисобот бухгалтерия ҳисоби субъектининг ҳисобот санасидаги реал молиявий ҳолатини акс эттириши керак (Қонуннинг 22-мод.).

Йиллик молиявий ҳисоботни тузиш олдидан ҳисоб-китобларни инвентарлаш ўтказилиши шарт (19-сонли БҲМСнинг 1.5.-банди).

Харидорлар, мол етказиб берувчилар, ҳамда бошқа дебитор ва кредиторлар билан ҳисоб-китобларни инвентарлаш – тегишли ҳужжатлар бўйича қолдиқларни аниқлаш ва бухгалтерия ҳисоби счётларида қайд этилган суммаларнинг асослилигини синчиклаб текширишга асосланади. Инвентарлашни ўтказаётган комиссия дебитор ва кредиторлар счётлари бўйича қарзларнинг пайдо бўлиши, уларнинг реаллиги ва шундай бўлган тақдирда, даъво этиш муддатларини ўтказиб юборишда айбдор шахсларни аниқлайди (19-сонли БҲМСнинг 3.65.-банди).

Ҳисоб-китобларни инвентарлаш натижалари 19-сонли БҲМСнинг 16-иловасида белгиланган шаклларда далолатнома ва маълумотнома билан расмийлаштирилади. Ушбу хужжатларда баланснинг барча счётларида мавжуд бўлган дебиторлик ва кредиторлик қарзлар ҳақида маълумотлар акс эттирилади, алоҳида олинган устунда эса даъво муддати ўтган мажбуриятлар кўрсатилади. 

Молиявий ҳисоботларда жамиятнинг реал ва ишончли молиявий ҳолатини акс эттириш мақсадида, инвентарлаш натижасида аниқланган даъво муддати ўтган қарзларни балансдан ҳисобдан чиқариш лозим.

Фойда солиғини ҳисоблашда фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ даъво муддати ўтган ҳисобдан чиқарилган мажбуриятлар, солиқ тўловчининг бошқа даромадлари таркибида (СК 132, 136-мод.) солиқ солинадиган ялпи даромадга қўшилади.

Сизнинг ҳолатда, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг талабларига амал қилмаган ҳолда жамият томонидан қарзни узиш ёки муддати ўтган қарзларни ҳисобдан чиқариш чоралари кўрилмаган. Ҳисобдан чиқарилиши лозим бўлган қарзларни мустақил равишда ҳисобдан чиқармаслик натижасида молиявий ҳисоботларни бузилишига йўл қўйилган.

Дебиторлик ва кредиторлик қарзи муддатларини ўтказиб юбориш ҳамда корхоналарнинг ҳисобварақларида тегишли маблағлар бўлган ҳолда тўловларни амалга оширишнинг белгиланган муддатларини бузиш, қонун хужжатларини бузиш ҳисобланади. Бунда айбдор бўлган мансабдор шахслар МЖТКнинг 175-мод. асосан жавобгарликка тортилади.

Солиқ ва бошқа қонун хужжатларига, шу жумладан бухгалтерия тўғрисидаги қонунига риоя этилиши юзасидан назоратни олиб бориш давлат солиқ хизмати органлари зиммасига юклатилган. Улар солиқ текшируви ўтказилаётганда бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тўланиши лозим бўлган солиқлар суммасини мустақил равишда аниқлашга, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати мобайнида солиқларни ҳисоблаш ёки уларнинг ҳисобланган суммасини қайта кўриб чиқишга ҳақли («Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонуннинг 5 ва 6-мод.).

Юқорида кўрсатилган қонун хужжатларидан келиб чиқиб, солиқчиларнинг харакатларини қонуний деб ҳисоблаймиз. Сизлар мустақил равишда даъво муддати ўтган кредиторлик қарзларни ҳисобдан чиқармагансизлар ва белгиланган тартибда унинг суммасига солиқларни ҳисобламагансизлар, шунинг учун бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқларни аниқлаш мақсадида, буни текширувчи инспекторлар амалга оширишган.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.