Саволнинг ID си: 7958
Корхона томонидан ўриндошлик асосида ишловчи ишчи-ходимлар бўйича ДСИга бирор ҳисоб-китоб маълумотнома топширилиши керакми? Қайси муддатларда ва унда қандай маълумотлар кўрсатилиши керак? Агар ўриндош ходимнинг иш ҳақидан намунали уй-жой учун олинган кредит тўловлари сўндирилган бўлса, бу ҳам унда акс эттириладими?
Экспертларнинг жавоблари:

Ҳа, корхона солиқ даври тугаганидан сўнг ўттиз кун ичида давлат солиқ хизмати органларига асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида белгиланган шаклда маълумотнома тақдим этиши шарт (СК 187-моддаси).

Маълумотномада қуйидагилар акс эттирилади:

-       солиқ тўловчининг - жисмоний шахснинг идентификация рақами;

-       солиқ тўловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, доимий яшаш жойи манзили;

-       ўтган солиқ даври якунлари бўйича даромадларнинг умумий суммаси ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ушлаб қолинган умумий суммаси;

-       солиқ агентининг идентификация рақами;

-       солиқ агентининг номи, жойлашган ери (почта манзили).

Жисмоний шахсларнинг қуйидаги даромадлари бўйича, уларнинг олинган жойидан қатъи назар, маълумотнома тақдим этилмайди:

-       дивидендлар, фоизлар тарзидаги даромадлар;

-       ушбу Кодекснинг 181-моддасига мувофиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг белгиланган энг кам ставкаси бўйича солиқ солинадиган даромадлар;

-       жисмоний шахснинг ёзма аризаси асосида белгиланган энг юқори ставка бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадиган даромадлар;

Маълумотнома шакли МВ ва ДСҚ 22.03.2013й. 2439-сон билан тасдиқланган Қарорга иловада келтирилган.

Агар ўриндошлик асосида ишловчи ходим томонидан ипотека кредитини қоплашда ЖШДС бўйича имтиёздан фойдаланилган бўлса, маълумотноманинг “Шкала бўйича солиққа тортилувчи даромадлар” устунида барча ҳисобланган даромад суммасини, “Улардан солиқдан озод этилган” устунида эса имтиёз қўлланилган суммани кўрсатиш зарур.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.