Саволнинг ID си: 8192
СКнинг 186-моддасида йил мобайнида асосий иш (хизмат, ўқиш) жойи ўзгарган тақдирда, жисмоний шахс жорий йилда ўзига тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари тўғрисидаги маълумотномани янги асосий иш (хизмат, ўқиш) жойидаги бухгалтерияга дастлабки иш ҳақи ҳисоблангунига қадар тақдим этиши шартлиги белгиланган. Гоҳида жорий йилда ишга келган ходим шу йилнинг ўзида ишдан кетиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Шунингдек, жорий йилда ишга келган ходимларга декларация топширишларига тўғри келганда ҳам тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари тўғрисидаги маълумотнома берилади.
1. Тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари тўғрисидаги маълумотномани тўлдиришда фақат ташкилотнинг ўзида ҳисобланган суммалар кўрсатиладими ёки жорий йилда ходим томонидан олиб келинган бошқа ташкилотда ҳисобланган суммалар ҳам кўрсатиладими? 2. Агар фақат шу ташкилотнинг ўзидаги суммалар кўрсатилса декларация топшириш ёки бошқа жойга ишга киришда шу йил давомида ишлаган барча ташкилотларидан алоҳида-алоҳида маълумотнома олиш керак бўладими?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Йил мобайнида асосий иш (хизмат, ўқиш) жойи ўзгарган тақдирда, жисмоний шахс жорий йилда ўзига тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари тўғрисидаги маълумотномани янги асосий иш (хизмат, ўқиш) жойидаги бухгалтерияга дастлабки иш ҳақи ҳисоблангунига қадар тақдим этиши шарт (СКнинг 186-модда, 5-қисм). Демак, у ҳамма олдинги иш жойларидан йил давомида тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари тўғрисидаги алоҳида маълумотномаларни йиғиши ва уларни янги иш жойига тақдим қилиши зарур.

Ушбу маълумотномада фақат шу ташкилотнинг ўзида ҳисобланган даромадлар ва ушлаб қолинган қолинган жисмоний шахслар даромад солиғи кўрсатилади. Уни тўлдиришда бошқа ташкилотларда ҳисобланган даромадлар ва солиқлар инобатга олинмайди.

2. Агар ходим солиқ декларациясини топширадиган бўлса, унда йиллик даромади тўғрисидаги декларациясига асосий иш жойи бўйича тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган солиқ суммалари тўғрисида ДСҚ ва Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклдаги маълумотнома илова қилинади (СКнинг 191-мод.).

Тегишинча, агар ҳисобот йили давомида ходим бир нечта иш жойидан даромад олган бўлса, унда солиқ декларацияси барча иш жойидан олинган маълумотномалар асосида тўлдирилади ва ушбу маълумотлар декларацияга илова қилинган ҳолда солиқ органига тақдим этилади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.