Саволнинг ID си: 8194
Чорвачилик йўналишидаги фермер хўжалигининг асосий фаолияти (сут ва гўшт берувчи) ҳайвонлар ва бузоқларни сотиш бўлса қандай солиқлар тўланиши керак?
Экспертларнинг жавоблари:

Чорвачилик йўналишидаги фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари бўлиб ҳисобланишади. Агар қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари қуйидаги учта талабга бир вақтнинг ўзида жавоб берса, улар ягона ер солиғи (ЯЕС) тўловчиси бўладилар (СКнинг 362-мод.):

-қишлоқ хўжалигини юритиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (вилоят ёки туман Ҳокими) томонидан ўзларига белгиланган тартибда берилган ер участкаларига эга;

- асосий фаолият тури ажратилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш;

-қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш улуши сотиш ёки қайта ишлаш учун бошқа шахслардан олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти умумий ҳажмида камида 50 фоизни ташкил этади.

Ушбу шартларга жавоб берадиган янгидан ташкил этилган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар (булар асосан фермер хўжаликлари)  давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан ЯЕС тўловчилари бўлади.

ЯЕС тўловчилари учун солиқ солиш объекти бўлиб қишлоқ хўжалигини юритиш учун эгалик қилишга, фойдаланишга ёки ижарага берилган ер участкаси ҳисобланади (СКнинг 365-мод.). Солиқ солинадиган база эса ер участкаларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган норматив қийматидир (СКнинг 366-мод.).

ЯЕС суммаси ер участкаларининг норматив қиймати ва ягона ер солиғининг белгиланган ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Ҳар бир хўжалик бўйича қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати ЎзР Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг "Ўздаверлойиҳа" Ўзбекистон давлат илмий-лойиҳа институти томонидан белгиланади. 2017 йил учун ЯЕС ставкаси норматив қийматга нисбатан 0,95% этиб белгиланган (27.12.2016й. ПФ-2699 21-иловаси).

Календарь йили учун ЯЕС ҳисоб-китоби ер участкаси жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органига жорий солиқ даврининг 1 майигача тақдим этилади (СКнинг 369-мод.). Ҳисобланган ягона ер солиғи суммасининг 30%ини ҳисобот йилининг 1 сентябригача, солиқнинг қолган суммасини ҳисобот йилининг 1 декабригача тўланади.

Агар фермер хўжалиги ЯЕС тўловчиси бўлиш учун кўрсатилган 3 та шартнинг бирига жавоб бермаса, у ЯСТ ёки умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.