Саволнинг ID си: 8370
Бизнинг корхонамиз 2015 й 1-июнда очилган умумовқатланиш (ОКОНХ 71300), лекин шу давргача ҳеч қанақа даромад олмаган ва биз 2017 й 1-чорагида корхона балансида бўлган автомобилни 64 000 000.00 зарар билан сотганмиз.
Агар корхона асосий фаолиятидан ҳеч қандай даромад кўрмаса, автомобилни зарарга сотганда солиқ оқибатлари қандай бўлади?
Экспертларнинг жавоблари:

Ушбу саволга жавоб бериш учун автомобиль нима мақсадда харид қилинганини аниқлаш муҳим- сотиш учунми ёки хизмат мақсадларида фойдаланиш учунми.

Корхона умумовқатланиш корхонаси сифатида рўйхатдан ўтганлигидан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки, автомобиль хизмат мақсадларида фойдаланиш учун харид қилинган ва балансда асосий восита сифатида ҳисобга олинган. Агар асосий восита зарарига сотилса, ЯСТ бўйича ҳеч қандай солиқ оқибатлари юзага келмайди. Корхонангиз ЯСТ тўловчиси деб ўйлаймиз, чунки умумовқатланиш корхоналари танлов ҳуқуқисиз ЯСТ тўловчилари ҳисобланади.

Эътиборга олингки, Асосий воситаларни сотишдан олинган молиявий натижа (фойда ёки зарар), қўшилган қиймат солиғи билан мазкур объектни сотиш харажатлари ҳисобга олинган ҳолда, сотувдан тушган тушум ва сотилаётган асосий воситаларнинг қолдиқ (баланс) қиймати ўртасидаги, резерв капитални ҳисобга олиш ҳисобварақларида ҳисобга олинадиган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаларига (сальдога), яъни аввалги қўшимча баҳолаш суммаларининг асосий воситалар ушбу объектини аввалги арзонлаштиришлар суммасидан ошишига тузатилган фарқ сифатида белгиланади. Асосий воситалар қийматини сотилиши муносабати билан уларни балансдан ҳисобдан чиқариш “Асосий воситалар қийматини балансдан чиқариш тартиби тўғрисида Низом”га  (АВ томонидан 29.08.2004 й. 1401-сон билан рўйхатга олинган) мувофиқ амалга оширилади.

Лекин, мабодо, корхона автомобилни сотишдан фойда кўрса (масалан қайта баҳолаш ҳисобига), ушбу фойда бошқа даромад ҳисобланиб, ялпи тушум аркибида асосий фаолият тури учун белгиланган ЯСТ ставкасида солиққа тортилади. Корхонангиз умумовқатланиш корхонаси сифатида рўйхатда ўтганлиги сабабли, агар автомобиль сотилишидан фойда кўрган бўлса, умумовқатланиш корхоналари учун белгиланган ЯСТ ставкасида – 10% да солиққа тортилади (27.12.2016й. ПҚ-2699, 10-2-илова).

Агар автомобиль сотиш учун олинган бўлса, у товар ҳисобланади. Товарни таннархидан паст қийматда сотганда, ЯСТни ҳисоблашда товарнинг харид қиймати ялпи тушумга киритилади. Товарларни пул ўтказиш йўли билан сотиш улгуржи савдо ҳисобланади. Бу ҳолатда автомобильнинг харид қиймати 5%лик ставкада ЯСТга тортилади.

Аҳамият берингки, улгуржи савдо – лицензияланадиган фаолият тури ҳисобланади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.