Саволнинг ID си: 8509
Қандай фаолият тури билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектлар "Камолот" ЁИҲ га ягона солиқ тўлови тўлайдилар ва қайси йўриқномага асосан? "Пайнет" хизмати билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектларчи?
Экспертларнинг жавоблари:

"Камолот" ЁИҲ ривожлантириш жамғармасига ажратмалар ВМнинг 30.05.2001й. 240-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан ўтказилади.

Ягона солиқ тўлови тўловчилари ҳисобланадиган ва Ўзбекистон ёшларининг "Камолот" ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси маҳаллий бўлимлари билан ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисида шартномалар тузган кичик бизнес корхоналари (савдо корхоналаридан ташқари) "Камолот" ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш жамғармасига ажратма ўтказадилар.

Савдо корхоналари Жамғармага ажратма тўловлари тўламайдилар. Солиққа тортиш мақсадида савдо корхонаси деганда ўтган ҳисобот йили якунига кўра асосий фаолият тури савдо фаолияти бўлган корхоналар тушунилади (СКнинг 350-моддаси).  

Кичик бизнес корхоналари томонидан ягона солиқ тўлови ҳисобланган миқдорининг 8 фоизини ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги шартномалар асосида Жамғармага ўтказиш давлат бюджетига мажбурий тўловларга тенглаштирилади.

Бунда белгиланган тартибда ҳисобланган ЯСТ қуйидагича тақсимланади:

  • Жамғармага - ЯСТ ҳисобланган миқдорининг 8 фоизи миқдорида;
  • бюджетга- ЯСТ ҳисобланган миқдорининг 92 фоизи миқдорида;

Демак, бир вақтнинг ўзида қуйидаги талабларга жавоб берадиган “Пайнет” фаолияти билан шуғулланувчи корхона Жамғармага ажратмалар ўтказиши керак бўлади:

  •  кичик бизнес субъектига тегишли бўлса;
  •  ЯСТ тўловчиси бўлса;
  •  "Камолот" ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш жамғармаси маҳаллий бўлимлари билан ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисида шартнома тузган бўлса.

Агар ушбу талаблардан биронтасига жавоб бермаса, у Жамғармага ажратмалар ўтказмайди.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.