Саволнинг ID си: 8515
Ойликнинг аванс шакли қандай усулда олиб борилади ва неча фоизини аванс қилиб берилади? Аванс қисмида солиқлар ечиб олинадими?
Экспертларнинг жавоблари:

Меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари (шу жумладан аванс тариқасида) жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас (МКнинг 161-моддаси).

Иш ҳақи бўйича ойнинг биринчи ярми учун бўнак (аванс) олиш учун ҳужжатлар тақдим этилганда солиқни тўлаш амалга оширилмайди (СКнинг 188-моддаси).

Ишчиларга ойнинг биринчи ярми (1-дан 15-кунгача) учун бўнак одатда, жорий ойнинг 16-дан 20-кунигача берилади, ой давомидаги натижалари бўйича ишчилар билан тўлиқ ҳисоб-китоб эса, кейинги ойнинг бошида (масалан, 10-кунда) амалга оширилади.

Аванс сифатида тўланиши мумкин бўлган иш ҳақи миқдори қонунчилик билан чегараланмаган.

Бўнак миқдори Жамоа шартномасида белгиланган бўлиши лозим. Ишчиларга бўнаклар олдиндан келишилган миқдорларда, ишчи лавозим маоши (тариф ставкаси)нинг 50 фоизи ёки олдинги ой ҳақиқатдаги иш ҳақининг 40 фоизи кўринишида тўланадиган вариантлар, нисбатан кўп қўлланилади.

Солиқ ва суғурта бадаллари ой якунида ходимга ҳисобланган даромаддан ушлаб қолиниши, сўнгра ушбу суммадан аванс тариқасида берилган иш ҳақининг ушлаб қолинишини назарда тутиб, одатда амалда корхоналар аванс тариқасида ходимга иш ҳақининг 40% дан ошмаган миқдорида беришади. Шундай қилинганда олинадиган иш ҳақи аванс суммасидан кам бўлмаслигига эришилади. Аванс тариқасида олинадиган иш ҳақини ходим пластик картасига пул кўчириш йўли билан бир қаторда нақд шаклда ҳам олиши мумкин.

Мисол. Бухгалтер – кассирга ойига 600 минг сўм миқдорида оклад белгиланган, оклад тўлиқ тўланади агарда ойда тўлиқ ишласа. Апрель ойининг биринчи ярмида у тўлиқ ишлади. Ходим билан келишилган ҳолда унга иш ҳақининг 40%и, яъни 240 000 (600 000 х 40%) аванс берилди. Аванснинг бир қисми нақд пул шаклида, қолган қисми эса пластик картасига ўтказиб берилди.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.