2017 йил 1 апрелдан бошлаб ЯСТ тўловчилари учун қурилиши молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбаларини жалб этган ҳолда танлов савдолари асосида амалга оширилаётган объектлар бўйича ҚҚСни тўлаш мажбуриятлари сақланиб қолади (СКнинг 349-моддаси). Яъни бундай қурилиш-монтаж ишлари ҚҚС ҳисобга олинган ҳолда буюртмачига тақдим этилиши лозим.
Курилиш материалларини сотиб олиш пайтидаги тўланган ҚҚС суммаси ҳисобга олинади. СКнинг 218-моддасига мувофиқ, агар товарларни (ишларни, хизматларни) олувчи ҚҚС тўловчиси бўлса ва ушбу товарлардан (ишлардан, хизматлардан) солиқ солинадиган оборотлар мақсадида фойдаланилса, олинган товарларга (ишларга, хизматларга) етказиб берувчи томонидан ёзилган ҳисобварақ-фактура ёки бошқа ҳужжатда ҚҚС алоҳида ажратиб кўрсатилган бўлса, бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини аниқлашда товарларни (ишларни, хизматларни) олувчи ҳақиқатда олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича тўланган ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга.
Бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС солиқ солинадиган оборот бўйича ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси билан СКнинг 218-моддасига мувофиқ ҳисобга олинадиган солиқ суммаси ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади (СКнинг 224-мод.).
Масалан 2017 йил 2-чораги давомида марказлаштирилган манбалар ҳисобига амалга оширилган қурилиш-монтаж ишлари қиймати 100 млн. сўмни ташкил этадиган бўлса, ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда буюртмачига 120 млн. сўм тақдим этилади (100*1,2=120).
Курилиш материалларини сотиб олиш пайтидаги тўланган ҚҚС суммаси 5 млн. сўмни ташкил этадиган бўлса, пудратчи бюджетга 15 млн. сўм ҚҚС суммасини ўтказиб беради (20-5).
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.