Саволнинг ID си: 9015
Акциядорлик жамиятимиз умум белгиланган солиқларни тўлайди. 2016 ҳисобот йили соф фойдаси акциядорларнинг умумий йиғилишида (16.06.2017 йил) тақсимланди. Акциядорларни умумий йиғилиш баёни қарорида жамият Кузатув кенгаши аъзоларига йил якунлари бўйича тақдирлаш (мукофот)га ажратма (тақсимлаш) қилинди ва рўйхатга асосан Кузатув кенгаши аъзосига 7 800 000 сўмдан мукофот хисобланди. Кузатув кенгаши аъзоларининг мукофотдан даромад солиғини энг юқори ставкада ушлаб қолиш тўғрисидаги аризалари ёки улар бошқа жойда ишлашлари ва иш хақлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд эмас. Кузатув кенгаши аъзосига хисобланган мукофотдан бухгалтерияда қуйидагича хисоб-китоб қилинди: йил якуни бўйича тақдирлаш (мукофот) ҳисобланди 7 800 000 сўм - ЯИТ 25% 1 950 000 сўм - ЖШДС юқори ставкада 1 794 000 сўм, шундан ШЖБПҲ 78 000 сўм - нафақа жамғармасига суғурта бадали 8% 624 000 сўм = тўловга 3 432 000 сўм Жамият ички аудиторининг ҳисоб-китоби бўйича: - йил якуни бўйича тақдирлаш (мукофот) ҳисобланди 5 850 000 сўм (7 800 000-1 950 000=5 850 000) - ЯИТ 25% 1 950 000 сўм - ЖШДС юқори ставкада 1 345 500 сўм Шундан ШЖБПХ 58 500 сўм - нафақа жамғармасига суғурта бадали 8% 468 000 сўм = тўловга 4 036 500 сўм Мукофотдан ЯИТга ажратма умумий йиғилиш қарорида соф фойда ҳисобидан алохида ажратилмаганлиги (тақсимланмаганлиги) сабабли, ЯИТ кузатув кенгаши аъзосига ҳисобланган мукофотга нисбатан ажратилиб ушланди.
Акционерлик жамияти кузатув кенгаши аъзосига белгиланган мукофот қай тартибда солиққа тортилади?
Экспертларнинг жавоблари:

Юридик шахснинг бошқарув органи, яъни кузатув кенгаши аъзоларига юридик шахснинг ўзи томонидан амалга ошириладиган тўловлар иш ҳақи тарзидаги даромад сифатида тан олинади (СКнинг 172-моддаси).

Иш ҳақи тарзидаги даромаддан ЖШДС ушлаб қолинади, ушлаб қолинган ЖШДС суммасидан тегишли тартибда ҳисобланган ШЖБПҲ ажратмалар тўланади (СКнинг 186-моддаси). Ягона ижтимоий тўлов юридик шахсларнинг маблағлари ҳисобидан тўланади, суғурта бадаллари эса иш ҳақидан ушлаб қолинади (СКнинг 310-моддаси).

Демак кузатув кенгаши аъзосига белгиланган мукофот пулидан фақат ЖШДС ва суғурта бадаллари ушлаб қолинади, ЯИТ эса акционерлик жамияти маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Эътиборга олиш лозимки, ЖШДС энг юқори ставкада ушлаб қолиниши жисмоний шахснинг бу ҳақида берган ёзма аризаси асосидагина амалга оширилади (СКнинг 186-моддаси).

Агар бундай ариза бўлмаса, ЖШДС умумбелгиланган шкала бўйича ҳисоблаб чиқарилади. Бунда корхона солиқ даври (йил) тугаганидан сўнг 30 кун ичида давлат солиқ хизмати органларига асосий бўлмаган иш жойидан даромадлар олган жисмоний шахслар тўғрисида маълумот топшириши, жисмоний шахс эса жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни 1 апрелга қадар топшириши зарур бўлади (СКнинг 187, 191-моддалари).

Сиз келтирган маълумотларга таяниб ҳисоб – китобни амалга оширганда, агар акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорида Кузатув кенгаши аъзосига мукофот миқдори 7 800 000 сўм этиб белгиланган бўлса, ушбу суммадан фақат ЖШДС ва суғурта бадаллари ушлаб қолиниши зарур, шу жумладан ШЖБПҲ ажратмалар ЖШДСга ҳисобланган суммадан тўланиши керак. ЯИТ эса акционерлик жамиятининг харажатлари ҳисобидан алоҳида, мукофот пулидан ушлаб қолинмаган тарзда тўланиши керак.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.