Саволнинг ID си: 9164
Солиқ органи томонидан ташкилотда текшириш ўтказилди. Текшириш натижасида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ҳисоботи нотўғри топшириб келинаётганлиги маълум бўлди. Амалда ҳисобланган солиқ бюджетга тўлиқ ўтказиб берилган. Аммо ҳисоботда ҳисобланган солиқ суммаси амалда ҳисобланган солиқ суммасидан кам кўрсатилган. Шу сабабли ҳеч қандай қўшимча солиқ тўланиши далолатномада кўрсатилмади, лекин солиқ ҳисоботида суммалар кам кўрсатилганлиги ва аслида кўрсатилиши керак бўлган суммалар ўртасидаги фарққа нисбатан 10% давлат солиқ хизмати органларини ижтимоий ривожлантириш ва моддий-техник таъминлаш жамғармасига тўлов тўлаш кўрсатмаси берилди.
Ҳисобот нотўғри топширилиши натижасида тегишли фарқ суммага нисбатан 10% миқдорида тўлов солиқ органларини ривожлантириш махсус жамғармасига тўлашни талаб этиш тўғрими?
Экспертларнинг жавоблари:

Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий муҳофаза, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармасига давлат солиқ органлари томонидан ўтказилган текширишлар натижасида қўшимча ундириб олинган суммаларнинг 10 фоизи миқдорида тўловлар ундирилиши қонунчилик билан белгиланган (ВМ 12.01.1998й 14-сон Қарорининг 5-банди).

Сиз берган маълумотларга кўра, корхона ички ҳужжатларида иш ҳақига солиқлар тўғри ҳисобланган ва тўлиқ миқдорда тўланган. Аммо айни пайтда ушбу ҳисобланган суммалар солиқ ҳисоботларига камайтириб кўрсатилган.

Солиқ солиш объектлари ва солиқнинг бюджетга тўлаш учун ҳисобланган суммалари тўғрисидаги маълумотлар солиқ органлари томонидан солиқ тўловчи тақдим этган молиявий ва солиқ ҳисоботларининг маълумотлари асосида шакллантирилади (СКнинг 68-моддаси; АВда 10.07.2014й. 2600-сон б-н рўйхатга олинган Низом).

Корхонангиз топширган ҳисоботи асосида солиқ органларида шакллантирилган маълумотга кўра бюджетга тўланиши керак бўлган солиқ суммаси маълум миқдорда бўлган. Аммо текширув пайтида ушбу сумма ҳақиқатда ҳисобланиши керак бўлган суммадан камлиги аниқланган, демак тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси амалдагидан келиб чиқиб қўшимча ҳисобланган. Сиз тўлаган солиқ суммаси текширув пайтига қадар аванс тариқасида шахсий карточкада акс эттирилган бўлса, қўшимча ҳисоблаб ёзиш орқали бу аванс ҳисобланган солиқ суммаси шаклида  ҳисобга олинган. Шунинг учун сизга қўшимча солиқ ҳамда пеня тўлаш мажбурияти юзага келмаган.

Келиб чиқадики, бюджетга тўланиши лозим бўлган текширув пайтида қўшимча ҳисобланган солиқ суммаси текширишлар натижасида қўшимча ундириб олинган солиқ сифатида тан олинади. Мос равишда, ундан 10% миқдорида Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий муҳофаза, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармасига тўлов ҳисобланиши қонуний бўлади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.