Саволнинг ID си: 9664
Бизнинг нашриётимиз турли полиграфия хизматларини кўрсатиш, буюртма асосида китобларни чоп қилиш, дўкон орқали китобларни сотиш, аудио-видео дисклар савдоси фаолиятларини амалга оширади. 2017 йилнинг 3-чорагида реализациядан олинган умумий тушумнинг 70% дўконларимиз орқали реализация қилинган (нақд пул ва терминал орқали) китоблар савдосидан тушган пул маблағларини, қолган 30% буюртма асосида чоп қилинган китоблар учун пул ўтказиш йўли билан ҳисоб рақамимизга келиб тушган пул маблағларини ташкил этади.
Бизнинг корхонага Президентнинг 13.09.2017 йилдаги ПҚ-3271-сонли Қарорига асосан белгиланган солиқ имтиёзи тадбиқ этиладими?
Экспертларнинг жавоблари:

Президентимизнинг 13.09.2017 йилдаги ПҚ-3271-сонли “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Қарори маънавий ҳаётимизни юксалтиришда улкан аҳамиятга эга бўлган муҳим вазифаларни комплекс ҳал қилиш, китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ўзбек ва дунё адабиётининг энг яхши намуналарини интернет тармоқларига жойлаштириш ва уларни тарғиб қилиш ҳамда кенг китобхонлар оммасига етказиш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида қабул қилинган.

Мазкур Қарорнинг 3-бандига асосан савдо айланмасида китоб сотиш улушининг ҳажми 70 фоиздан кўп бўлган юридик шахс мақомидаги тадбиркорлик субъектларининг алоҳида статистик ҳисоби юритилади ва улар 2020 йил 1 январга қадар ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этилади.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган муносабатларга нисбатан қўлланилади. Яъни Президентнинг ПҚ-3271-сонли қарори “Халқ сўзи” газетасида 2017 йил 14 сентябрда расмий чоп этилган бўлиб, унда белгиланган солиқ имтиёзлар ушбу санадан болшаб қўлланилиши мумкин.

Агар корхонангизни 2017 йил 3-чораги якуни бўйича савдо айланмасида китоб сотиш улушининг ҳажми 70 фоиздан кўпни ташкил этадган бўлса, унда 2017 йил 3-чоракнинг 14 сентябрдан 31 сентябргача бўлган давр учун реализациядан тушган тушум ягона солиқ тўловидан озод этилади, 2017 йил бошидан 14 сентябргача тушган тушум эса белгиланган тартибда солиққа тортилиши лозим. 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.