Саволнинг ID си: 9994
Мен Самарқанд шаҳрида хусусий корхона ташкил қилмоқчиман. Тошкент шаҳрида тайёр махсулот ишлаб чиқарувчи корхона билан уч томонлама воситачилик шартномасини тузиб, ушбу корхонадан товарларни олиб, чакана савдо билан шуғулланаётган ХЮСларга 100 % пул кўчириш йўли орқали сотсам бўладими? Бажариладиган ишларимиз улар шартнома шартларида қуйидагича акс эттирилади: 1. Ишлаб чиқарувчи корхона (комитент) ўзида ишлаб чиқарилаётган товарларни (олдиндан тўлов талаб қилмасдан) биз(комиссионер)га счет-фактура орқали сотиб бериш учун вақтинча беради (корхонамизга берилган товарларга эгалик ҳуқуқи, уларни харидор-сотиб олувчиларга сотиш вақтимизгача комитентда қолади). 2. Биз товар суммасига савдо устамасини куймасдан сотамиз. Харидорлардан давлат руйхатидан ўтганлигини тасдикловчи гувоҳнома ва НКМ борлиги тўғрисида ДСИ маълумотномасидан нусха хамда ишончнома оламиз. Уларга товар миқдори ва суммасини тасдиқловчи счет- фактурани езиб, товарга сертификатларни берамиз. 3. Комиссионердан товар олган харидорлар олган товарлари учун тўловни корхона ҳисоб рақамига 100 % пул кўчириш орқали ўтказиб беради. Биз эса ушбу пулларни комитент хисоб ракамига тўлиқ ўтказиб берамиз. Барча ҳаражатлар корхонамиз томонидан амалга оширилади. Комитент эса воситачилик шартномаси асосида, бизни ҳисоб ракамимизга бажарган иш ҳажмимизга қараб воситачилик ҳақини ўтказиб беради. 4. Ҳар ой охирида биз (комиссионер) комитентдан олган товарлар ҳаракати тўғрисида ҳисоботларни комитентга такдим этамиз. 5. Товарларни комитент манзилидан ўз омборхонамизга, омборхонамиздан харидорлар савдо шахобчасига балансимиздаги хамда ижарага олинган автомашиналар орқали етказиб берамиз.
1. Корхонамиз юқорида қайд этилган ҳолатларни акс эттирувчи уч томонлама воситачилик шартномасини тузса бўладими? Ёки биринчи комитент билан комиссионер ўртасида, кейин комиссионер билан сотиб олувчи ўртасида иккита шартнома тузиш керакми? 2. Корхонамиз юкорида қайд этилган тартибда воситачилик савдосини амалга ошириши мумкинми? 3. Корхонамиз Комитентдан (воситачилик савдосини амалга ошириш учун) олган товарларни, сотувчи харидорларга (савдо устамаси қуймасдан) белгиланган тартибдаги счет-фактураларни расмийлаштирган холда, факат пул кучириш йўли орқали сотиши мумкинми? 4. Бу холатда корхонамиз қандай солиқ тўловчиси бўлиб ҳисобланади (ЯСТ ми ёки умумбелгиланган тартибдаги соликларни тўловчисими)? 5. Юкорида кайд этилган тартибда биз воситачилик фаолиятини амалга оширсак, солиқ идора ходимлари буни улгуржи савдо фаолияти деб эътироф қилишмайдими?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Воситачилик шартномаси бўйича бир тараф (воситачи) иккинчи тарафнинг (комитент) топшириғи бўйича ўз номидан, бироқ комитент ҳисобидан бир ёки бир неча битимни ҳақ эвазига тузиш мажбуриятини олади. Воситачилик шартномаси муайян муддатга ёки амал қилиш муддати кўрсатилмаган ҳолда, қайси ҳудудда бажарилиши кўрсатилган ёки кўрсатилмаган ҳолда, комитент воситачига топширган комитентнинг манфаатларини кўзлаб ва унинг ҳисобидан битим тузиш ҳуқуқини учинчи шахсларга бермаслик ҳақида мажбурият олган ҳолда ёки бундай мажбуриятни олмаган ҳолда, воситачилик нарсаси бўлган товарларнинг ассортименти хусусида шартлар қўйилган ёки қўйилмаган ҳолда тузилиши мумкин (ФКнинг 832-м.).

Ушбу норманинг мазмунидан келиб чиқиб, сизнинг корхонангиз (воситачи) комитент билан воситачилик шартномасини тузишингиз мумкин. Шартномага кўра, комитент сизга унинг товарларини олди-сотди шартномалари орқали учинчи шахслар (харидорлар)га сотиш топшириғини бериши ва бунинг эвазига воситачилик ҳақини тўлаш мажбуриятини олиши мумкин. Сиз эса ўз навбатида комитентнинг товарларини учинчи шахсларга сотиб бериш ва бунинг эвазига тушган пул маблағларини комитент ҳисобига ўтказиб бериш мажбуриятини олиб, бунинг эвазига воситачилик ҳақи олишингиз мумкин.

Комиссия шартномаси икки томонлама, яъни комитент билан воситачи ўртасида тузилиши керак. Сиз билан харидолар ўртасида тузиладиган олди-сотди шартномалари ҳам икки томонлама бўлади.

Шартномада воситачилик қайси ҳудудда ижро этилиши кўрсатилиши (Самарқанд, Тошкент шаҳарларида ёки б.) мақсадга мувофиқдир.

2. Корхонангиз Сиз баён қилган тартибда воситачилик фаолиятини амалга ошириши мумкин. Воситачилик шартномаси бўйича воситачилик ҳақи, сотиладиган мол-мулкнинг баҳоси, воситачилик ашёсига нисбатан ҳуқуқ каби масалар билан батафсил Фуқаролик Кодексининг 832, 833, 836, 838- моддаларида батафсил танишиб чиқишингиз мумкин.

Ҳаражатларни қоплаш масаласига келсак, комитент воситачилик ҳақини, воситачилик топшириғини бажариш юзасидан воситачи сарфлаган суммаларни ҳам унга тўлаши шарт (ФКнинг 842-м.).

3, 4, 5. Воситачилик ёки топшириқ шартномалари бўйича товар реализация қилишда томонлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар пул кўчириш йўли билан амалга оширилиши қонунга мувофиқдир.

Мазкур ҳолда корхона фаолиятига солиқ солиш унинг кичик ёки йирик бизнесга киришига боғлиқ. Агар корхона кичик бизнес мезонларига жавоб берса (ЎзР 25.05.2000 й.даги №69-П Қонуни, 5-моддаси) ва солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўлласа, у ҳолда воситачилик фаолияти бўйича белгиланган ставкада ЯСТ тўлайди.

СКнинг 350-моддасига мувофиқ, воситачи, ишончли вакил томонидан воситачилик, топшириқ шартномаси бўйича товарларни реализация қилиш савдо фаолияти сифатида қаралмайди. Бу ерда албатта воситачилик шартномалари, бирламчи ҳужжатлар қонун нуқтаи назардан тўғри расмийлаштирилиши, бухгалтерия ҳисоби тўғри юритилиш  лозим.

Шуни эслатиб ўтамизки:

  • СКнинг 130-моддасига мувофиқ, воситачилик фаолиятидан даромадлар оладиган юридик шахслар учун реализация қилишдан тушум дейилганда кўрсатилган хизматлар учун олиниши лозим бўлган ҳақ, яъни воситачилик ҳақи суммаси тушунилади.
  • СКнинг 22-моддасига мувофиқ, асосий фаолият тури - юридик шахснинг ҳисобот даври якунлари бўйича умумий реализация қилиш ҳажмидаги соф тушум улуши устунлик қиладиган фаолиятидир.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.