Саволнинг ID си: 10584
Бизнинг «Хамкор-тадбир»хусусий фирмамиз (ОКЭД 46170) асосан озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан улгуржи савдо фаолиятин юритиб келмоқда. 2015-йил Хитой давлатидан пишган ғишт ишлаб чиқарувчи (соатига 8000 дона) мини цех ускуналарини олиб келдик. 2017-йилдан бошлаб пишган ғишт ишлаб чиқарувчи цехни ишга туширдик. 2017-йилнинг якуни бўйича бизнинг улгуржи савдо фаолиятимиздан келиб тушган даромадимиз, ишлаб чиқаришдан тушган даромаддан кўпроқ бўлгани сабабли ОКЭД ўзгармади. Бизнинг фирма ягона солиқ тўловчиси ҳамда недра солиғи тўловчиси ҳисобланади. 2018-йилдан бошлаб ягона солиқ тўловчи юридик корхоналарга ер солиғи (ноқишлоқ) тўлови жорий этилди. Хусусий фирмамизга тегишли жами ер майдони 14,8 гектарни эгаллайди: Шундан: 1. Савдо дўконлари ва омборхонага – 3,3 га; 2. Ғишт цехига – 1,5 га; 3. Карьерга – 10 га ер тегишли.
ЯСТ тўловчи хусусий фирма ер солиғини (ноқишлоқ) жами 14,8 га майдондан ҳисоблайдими ёки карьерга тегишли 10 га ер майдони ер солиғидан озод бўлиб, қолган 4,8 га ер майдонига ер солиғи ҳисоблаб тўланадими?
Экспертларнинг жавоблари:

Жами майдони 1 гектардан кўпроқ ер участкасига эга бўлган ЯСТ тўловчилари учун 2018 йилнинг 1 апрелидан бошлаб, жами майдонга ер солиғини тўлаш жорий этилган (СКнинг 349-моддаси).

Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 4 апрельдаги қарори билан ЯСТ тўловчилари томонидан ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тўғрисидаги Низом тасдиқланди (АВда 2018 йил 16 апрелда 3001-сон билан рўйхатга олинган). Ушбу Низомнинг 5-моддасига биноан, 1 гектардан ортиқ ери бўлган ЯСТ тўловчилар ер солиғини умумий ер майдонидан, қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ солинмайдиган ер участкаларини чегириб ташланган ҳолда,  ҳисоблаб чиқарадилар. Яъни, корхонанинг жами ер майдонидан солиқ солинмайдиган қисми чиқариб ташланади ва қолган қисмидан ер солиғи ҳисобланади.

Қонун ҳужжатларига асосан, ер қаъридан фойдаланиш ерлари (шу жумладан ғишт ишлаб чиқарувчи фойдаланадиган карьер ерлари) солиқ солинмайдиган ер участкалари бўлиб ҳисобланмайди (СКнинг 280-моддаси). Демак, мазкур вазиятда корхонага тегишли 14,8 гектар ер участкаси – солиқ солинадиган баъза ҳисобланади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.