Саволнинг ID си: 15385
ЯТТ (чакана савдо) савдо айланмаси 100 млн.дан ошгани учун 4% ЯСТ тўлаб, ҳар чоракда ҳисобот топшириб келаётган эди. Июль ойидан савдо айланмаси 1 млрд.дан ошди.
ЯТТ савдо айланмаси 1 млрд.дан ошса ва фаолиятини ЯТТ ҳолатида давом эттиришни ҳоҳласа, қандай солиқларни тўлайди, қайси ҳисоботларни қайси муддатларда топшириши лозим?
Экспертларнинг жавоблари:

Агар календарь йилида тушум 1 млрд.сўмдан ошса, ЯТТ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни юридик шахслар учун назарда тутилган тартибда тўлайди (ПҚ-4086нинг 8-банди).

Тушумни ҳисоблаш ва солиқлар тўлаш АВда 19.03.2019 йилда 3143-сон билан рўйхатга олинган Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Солиқ даврида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми белгиланган миқдордан ошган, лекин бир миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ЯСТни тўловчилар ҳисобланишади (СКнинг 350-моддаси).

Солиқ даврида олинган ялпи тушуми бир миллиард сўмдан ошган ягона солиқ тўловини тўловчилар белгиланган чегаравий миқдор ошиб кетган ойдан кейинги ойнинг бошидан бошлаб умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтади (СКнинг 351-моддаси 5-қисми).

Умумбелгиланган солиқлар системаси доирасида жумладан ҚҚС ва фойда солиғи тўланади. Фойда солиғи бўйича ҳисоботлар топшириш ҳамда солиқларни тўлаш муддатлари СКнинг 163 ва 164-моддалари билан белгиланган, ҚҚС бўйича эса - СКнинг 225 ва 226-моддаларида кўрсатилган. Бунда тўланадиган фойда солиғининг энг кам меъёри  назарда тутилмаган, шунинг учун фаолият тури учун белгиланган қатъий белгиланган солиқ меъёр қилиб олинмайди. Фойда солиғи СК билан белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқарилади ва бюджетга тўланади.

Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан олинган, ушбу Кодекснинг ХХ бўлимига мувофиқ ягона солиқ тўлови ёки қатъий белгиланган солиқ солинадиган даромадлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг солиқ солиш объекти бўлмайди (СКнинг 169-моддаси). Демак, ЯТТ умумбелгиланган солиқлар тўловчиси бўлгач, у ўзига иш ҳақи ҳисоблаши, ундан СК билан белгиланган тартибда ЖШДС ушлаши, ЯИТ тўлаши ҳамда улар бўйича тегишли ҳисоботларни топшириши зарур.

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, ер ва мулк солиқлари солиққа тортиладиган объект мавжуд бўлган тақдирда ЯТТ томонидан тўланади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.