Саволнинг ID си: 15492
Гул уруғлари, пиёзларини интернет дўкондан олмоқчимиз. Бундай турдаги маҳсулотларни божхонадан олиб ўтиш мумкинми? Агар мумкин бўлса, божхонадан тўловсиз қанча миқдоргача олиб ўтиш мумкин? Божхонадан олиб ўтиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз.
Экспертларнинг жавоблари:

Экиш материаллари карантин остидаги маҳсулот ҳисобланади ва уларни олиб киришга карантин рухсатномаси, экспорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини ва уларни ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари томонидан бериладиган фитосанитария сертификати ёки гувоҳномаси мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Ўсимликлар карантини ва уларни ҳимоя қилиш бўйича давлат органларига эга бўлмаган хорижий мамлакатлардан карантин остидаги маҳсулотни олиб киришга Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан карантин остидаги маҳсулотнинг ҳар бир туркумига алоҳида-алоҳида бериладиган карантин рухсатномаси мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Уруғликларни ва экиш материалларини хорижий мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасида яшовчи фуқароларга почта жўнатмаларида юбориш, шунингдек юк билан олиб ўтиш тақиқланади. Ўсимликлар карантини объектлари билан зарарланмаган айрим меваларни, янги ҳўл мева ва сабзавотларни йўловчиларнинг қўл юкида ўтказишга ўсимликлар карантини давлат инспектори томонидан рухсат берилади. Алоҳида қимматга эга бўлган уруғлар, ўсимликлар ёки экиш материаллари илмий-тадқиқот муассасаларининг манзилига йўлланган тақдирда, улар ўсимликлар карантини давлат инспекторининг хулосасига кўра интродукция карантин кўчатхонасига текшириш учун юборилиши керак («Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддаси).

Маълумот учун: ВМнинг 29.01.2018 й. 65-сон қарорига 1-иловада республикага олиб кириладиган ва ундан олиб чиқиладиган ўсимликлар карантинидаги маҳсулотларнинг рўйхати келтирилган (маҳсулотлар номи ва ТИФ ТН коди келтирилган).

Эркин муомалага чиқариш (импорт) режимига жойлаштирилган товарларнинг божхона расмийлаштирувини Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (АВ томонидан 06.04.2016 й. 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 5-боби тартибга солади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.