Саволнинг ID си: 15716
Маъмурий бошқарув бўлимида котиба-кадрлар бўлими нозири вазифасида ишловчи ходим билан 3 йилга муддатли шартнома тузилган (15.02.2017 йилдан 31.12.2017 йилгача) ва шартномага қуйидаги тартибда ўзгартириш киритиб борилган: 1-сонли ўзгартириш 01.01.2018 йилдан 31.12.2018 йилгача, 2-сонли ўзгартириш 01.01.2019 йилдан 31.12.2019 йилгача.
Котиба-кадрлар бўлими нозири вазифасида ишловчи ходим билан меҳнат шартномаси муддати 31.12.2019 йилда тугаганлиги муносабати билан 01.01.2020 йилдан бошқа ходимни ишга олмоқчимиз. Ушбу ҳолатда олдинги ходим норозилик билдиряпти, ишга тикланиш борасида қандай ҳуқуққа эга?
Экспертларнинг жавоблари:

Муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилинади (МК 105-м.).

Бироқ иш берувчи муддатли меҳнат шартномасини ҳар доим ҳам тузолмайди.

Муддатли меҳнат шартномалари бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳоллардагина тузилиши мумкин (МК 76-м.).

Ушбу вазиятда Сиз муайян муддатга деб тузган меҳнат шартномаси давомий характерга эгалиги кўринмоқда. Демак, ходим судга мурожаат қилиб, уни номуайян муддатли шартномага ўзгартиришга эришиши мумкин.

Шу билан бирга, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларига ходимларнинг розилигини олган ҳолда, муддатли меҳнат шартномалари (тегишли таълим муассасасини тамомлаган даврдан бошлаб уч йил ичида биринчи марта ишга кираётган олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчилари билан тузиладиган меҳнат шартномаларидан ташқари) тузишга рухсат берилган (24.05.2017 й. ПФ-5052-сон Президент Фaрмонининг 6-б.). Агар ташкилотингиз юқоридаги субъектларга оид бўлса, МКда кўрсатилган ҳоллардан қатъи назар ходим билан муддатли меҳнат шартномасини тузишингиз ва муддати тугаши билан уни бекор қилишингиз мумкин.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.