Саволнинг ID си: 16794
Бизнинг муассасада ходим 13.01.2020 йилда 2-гуруҳ ногиронлигини олган. Бизга 25.02.2020 йилда маълумотномасини топширди - "ограничена жизнедеятельность III" деб ёзилган. Бу бўйича ҳудудий ТМЭКга мурожаат этдик. У ер бўлса, ходим ўзи эгаллаб турган лавозимида ишлаш имкониятига эга, деб жавоб берди. Лекин ходим ногиронлик тайинлангандан бери шу кунгача ишга чиқмаяпти. Ходимнинг айтишича, олти ойгача ишга келмайди. Пулсиз таътилга чиқишини айтаяпти (3 ойга).
Шу сабабли бу ходим билан ўзи эгаллаб турган лавозими бўйича қандай қилиб қонун доирасида ечим қабул қилса бўлади? Ишдан бўшатиш керакми (қайси моддаларга асосланиб) ёки бошқа вариантлар борми?
Экспертларнинг жавоблари:

Қонунчиликда ногиронларга бир нечта имтиёзлар ўрнатилган. МКнинг 220-моддасига асосан ТМЭКнинг ногиронларга тўлиқсиз иш вақти режими ўрнатиш, уларнинг вазифасини камайтириш ва меҳнатнинг бошқа шартлари ҳақидаги тавсияларини бажариш иш берувчи учун мажбурийдир. I ва II гуруҳ ногиронларига меҳнатга ҳақ тўлаш камайтирилмаган ҳолда иш вақтининг ҳафтасига 36 соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгиланади. I ва II гуруҳ ногиронларига 30 календарь кундан кам бўлмаган муддат билан йиллик узайтирилган асосий таътил берилади. МКнинг 143 ва 144-моддаларига асосан I ва II гуруҳ ногиронларига таътил ишга киргандан кейин уларнинг хоҳиши бўйича 6 ой ўтмасдан олдин ва ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилади. МКнинг 150-моддасига асосан, ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин. Унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Иш хақи сақланмаган таътиллар 12 ой ичида 3 ойдан ошмаслиги керак. I ва II гуруҳ ногиронларига уларнинг хоҳишига кўра йилига 14 кунгача иш ҳақи сақланмаган таътил берилиши шарт. Яъни 3 ойлик таътилдан фақат 14 куни ногироннинг хоҳишига кўра, қолгани эса иш берувчи билан келишув асосида берилади. Ногиронлик тайинланган бўлса ҳам, агарда ногиронга ишлаш мумкин бўлса, ушбу ходимдан ишга чиқмаган кунлари учун асословчи ҳужжатни талаб қилишингиз мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 июлдаги 195-сонли қарорининг 1-иловасида ногиронликни белгилаш мезонлари кўрсатиб ўтилган. Илованинг 28-бандида инсон ҳаёт фаолияти асосий турлари чекланиши учта даражага ажратилади. Ушбу банднинг “ж” кичик бандида ҳаёт фаолияти чекланиши III даражасида инсон меҳнат фаолияти билан шуғуллана олмаслиги кўрсатилган.

МКнинг 100-моддаси 2-қисми 2-бандига асосан, ходимнинг соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолса, меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин. МКнинг 100-моддаси 2-қисми 3 ва 4-бандларига асосан, ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин. Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда МКда белгиланган барча кафолатларга риоя қилиниши шарт.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.