Огоҳлантириш муддати ўрнига пуллик компенсация

Саволнинг ID си: 16871
Штат қисқартирилганда ходим 2 ой ишлаб бермасликка қарор қилган.
Унга қандай тўловлар тўланади?
Экспертларнинг жавоблари:

Штат қисқартирилганда  2 ойлик огоҳлантириш муддати тугамасдан меҳнат шартномаси фақат ходимнинг ёзма розилиги билан иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинади (МК 100-м. 2-қ. 1-б.).

Огоҳлантириш таомили огоҳлантириш муддатига ёки муддатнинг қолган қисмига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин. Яъни компенсация ходим огоҳлантириш даврида олиши мумкин бўлган иш ҳақи миқдорига мувофиқ келиши лозим. Унинг миқдори вақтбай ишлайдиган ходимлар учун белгиланган устамаларни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек ишбай ҳақ оладиган ходимлар учун иш бирлиги учун амалдаги тўлов миқдорлари асосида лавозим маошидан (ўртача ойлик иш ҳақидан эмас) келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин (МК 102-м. 2-қ., 109-м.).  

 

МИСОЛЛАР.

1. Ходим огоҳлантириш олиши биланоқ 2 ой ишлаб бермасдан ишдан дарҳол бўшашини маълум қилди – унга бутун огоҳлантириш даври, яъни 2 ой учун пуллик компенсация тўланади.

 2. Ходим огоҳлантирилгандан кейин бир ой ўтгач ўзига иш топди ва корхона раҳбариятига мурожаат қилиб у билан меҳнат шартномасини огоҳлантириш муддати тугашидан олдин бекор қилишни ва қолган бир ойни пуллик компенсация билан алмаштиришни сўради – унга 1 ой учун пуллик компенсация тўланади. 

 Огоҳлантириш муддати давомида, ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида 1 кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади (МК 102-м. 6-қ.).

Огоҳлантириш муддати ўрнига ходимга тўланадиган пуллик компенсация иш берувчини қуйидагиларни тўлашдан озод этмайди:

- барча ишланган кунлар учун ходимга тўланиши лозим бўлган иш ҳақи, меҳнат шартномаси бекор қилинган кун ҳам ҳисобга киритилади (МК 110-м.);

- фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация, улар мавжуд бўлганда (МК 151-м.)

-ходимларни ишдан бўшатишда корхонанинг локал ҳужжатларида ёки меҳнат шартномаларида назарда тутилган тўловлар;

-ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси (МК 109-м.);

-иш қидириш даврининг иккинчи ойи учун ўртача ойлик иш ҳақи (МК 67-м.);

- ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтса, 3-ой учун ҳам ўртача иш ҳақи (МК 67-м.);

- муддатли меҳнат шартномасида иш берувчининг ташаббуси билан уни муддатидан олдин бекор қилганлик учун неустойка тўлаш шарти назарда тутилган бўлса, неустойка (МК ­104-м.). 

 

 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.