Талаба қиз олий ўқув юртида ўқиш учун контракт суммасини тўлаганида ЯТТ бўлмиш отаси томонидан ЖШДС бўйича имтиёз қўлланилиши

Саволнинг ID си: 17649
https://vopros.norma.uz/question/17509 сонли саволнинг жавобида агар талаба қиз 26 ёшга тўлмаган бўлса, унинг отаси 2019 йилда ЖШДС солинадиган даромадларига нисбатан имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги таъкидланган. 26 ёшга тўлмаган талаба қизнинг отаси якка тартибдаги тадбиркор.
Якка тартибдаги тадбиркор учун декларация асосида 2019 йилда талаба қизининг контракти учун тўланган суммага нисбатан имтиёз қўллаш учун қайси сумма ЖШДСга тортиладиган даромад сифатида декларацияда белгиланиши лозим?
Экспертларнинг жавоблари:

2019 йилда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромад ЖШДСга тортилмаган. ЯТТлар ЯСТ ёки қатъий белгиланган солиқ тўлаганлар (2007 йил таҳриридаги СК 169, 350, 370-моддалари).

Фуқаролар ЖШДС солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларининг ЎзР олий ўқув юртларида ўзининг ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандининг таълим олиши учун йўналтириладиган суммаларига ЖШДС солинмайди (2007 йил таҳриридаги СК 179-моддаси 31-банди, АВда 2010 йил 27 майда 2107-сон билан рўйхатга олинган Низом).

2019 йилда ЯТТлар тадбиркорлик фаолиятларидан олинган даромадга нисбатан ушбу имтиёзни қўллашлари мумкин бўлмаган. Лекин ЯТТнинг жисмоний шахс сифатида олган ва ЖШДСга тортиладиган даромадлари бўлиши мумкин. Масалан, дивидендлар ёки бошка мулкий даромадлар, олинган совғалар, моддий ёрдам пуллари ва бошқалар. Ушбу даромадларга нисбатан 2007 йил таҳриридаги СК 179-моддаси 31-бандида белгиланган имтиёзни декларация асосида қўллаш мумкин. Коронавирус пандемияси муносабати билан жисмоний шахслар 2019 йил учун декларацияни 2020 йил 1 августига қадар тақдим этишлари мумкин (Президентнинг 2020 йил 19 мартдаги №ПФ-5969 сонли Фармони 5-банди «г»-кичик банди).

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.