Саволнинг ID си: 18546
Мен ҳозирда иккита фирма деректори ҳисобланаман. Телеграм гуруҳидаги саволда "Иккита фирма директори бўлиш қонунга зид" дейилган.
Иккита фирма директори бўлиш ноқонунийми?
Экспертларнинг жавоблари:

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарорига кўра давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, шу жумладан ўриндошлик асосида бир вақтнинг ўзида иккита раҳбарлик лавозимини эгаллашга йўл қўйилмайди.

2003 йил 9 декабрдаги ПФ-3358-сон Президент Фармонида давлат бошқаруви органлари жумласига вазирликлар, давлат қўмиталари, қўмиталар, агентликлар, шунингдек улар ҳузурида ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этиладиган давлат бошқаруви тузилмалари кириши таъкидлаб ўтилган ва мазкур Фармоннинг иловасида Республика давлат бошқаруви органлари рўйхати кўрсатиб ўтилган.

2003 йил 22 декабрдаги ПФ-3366-сон Президент Фармонига кўра қуйидаги хўжалик бирлашмалари хўжалик бошқаруви органлари ҳисобланади:

- таркибига кирувчи корхоналарнинг хўжалик бирлашмасига тегишли бўлган акция пакетлари орқали ана шу корхоналарнинг хўжалик бошқарувини амалга оширувчи акциядорлик компаниялари, шу жумладан давлат-акциядорлик компаниялари;

- муассис (таъсисчи) - корхоналарнинг акциялари пакетларини бошқариш ҳуқуқисиз ихтиёрийлик асосида ташкил қилинадиган уюшмалар.

Кўриниб турибдики, оддий фирма давлат ёки хўжалик бошқаруви органи ҳисобланмайди. Шунга асосан бир шахс иккита фирма директори бўлиб ишлаши мумкин.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.