Саволнинг ID си: 22092
1. “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйлари директори врач-психиатр ёки бошқа врач бўлса, ўзига қўшимча лавозим юклатиши мумкинми? 2. “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйлари ҳамшира ва энагалари 24 соат ишлаши мумкинми?
Экспертларнинг жавоблари:

1. Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби ВМнинг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарорига иловасида (кейинга ўринларда – Низом). Ўриндошлик асосида ишлаш - ходимнинг асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши (Низомнинг 2-б.). Низомга иловада ўриндошлик асосида ишлаш ҳисобланмайдиган ишлар рўйхати келтирилган. Ушбу рўйхатда саволда кўрсатилган иш мавжуд эмас.

Бир неча касбда ва лавозимда ишлаш - ходим ўзининг асосий иши билан бир қаторда айни шу ташкилотда ва ўзининг иш вақти давомида бошқа касб ва лавозимдаги қўшимча ишни бажариши (Низомнинг 20-б.). Давлат бошқаруви органлари ҳисобланмайдиган бюджет ташкилотларининг раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек ушбу ташкилотлар таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари учун бир неча касб ва лавозим асосида ишлашга йўл қўйилмайди (Низомнинг 26-б.).

Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйлари ва шунга ўхшаш бюджет ташкилотлари раҳбарлари қўшимча меҳнат шартномасини тузган ҳолда асосий иш вақтидан бўш вақтда врач лавозимида ўриндош бўлиб ишлаши мумкин (агар ташкилотнинг штат жадвалида тегишли лавозим назарда тутилган бўлса).

2. Йўқ, мумкин эмас.

Ишнинг тугаши билан кейинги куни (сменада) иш бошланиши ўртасидаги кундалик дам олиш вақтининг муддати ўн икки соатдан кам бўлиши мумкин эмас (МК 128-м.). Шунга асосан 24 соатлик иш кунини (сменани) ўрнатиш мумкин эмас.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.