Саволнинг ID си: 25666
Биз қурилиш корхонасимиз. Ишчиларнинг иши вахта усулида ташкил қилинган. Бир ойда 2 вахта, 15 кундан. Битта ишчи 15 кун ишласа, 15 кун дам олади. Ишлаб чиқариш зарурияти сабабли айрим тоифадаги ишчиларни дам олиш кунларида қурилиш ишларига жалб қилишга тўғри келади. 15 кун ишлади ва яна 10 кун ишлаши керак, бу дегани 15 кун 11 соатдан 165 соат ва 10 кун 11 соатдан 110 соат, жами бир ойда 265 соат. Бу бир ой ҳисоби. Яна 3 ёки 4 ой шундай бўлиши мумкин. Бизга маълумки, қонунчиликка асосан бир йилда иш вақтидан ташқари иш 120 соатдан ошмаслиги керак.
Ишлар вахта усулида ташкил қилинганда меъёрдан ортиқча ишланган кунлар қандай расмийлаштирилади?
Экспертларнинг жавоблари:

Иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлиги ходим учун йилига 120 соатдан ошмаслиги керак (МК 190-м.). Иш вақтидан ташқари иш деганда ходим учун белгиланган иш вақти давомийлигидан ташқари ишга жалб этиш деб ҳисобланади. Иш вақти кунлик ҳисобга олинганда ходим учун белгиланган ҳар кунги иш (смена) вақтининг давомийлигидан ошадиган иш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади. Иш вақти ҳафталик ҳисобга олинганда ходим учун белгиланган ҳафталик иш вақтининг давомийлигидан ошадиган иш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади. Иш вақти жамлаб ҳисобга олинганда бир ҳафтадан ошадиган ҳисобга олиш даври учун ходимга белгиланган иш вақтининг давомийлигидан ташқари иш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади (МК 189-м.). Яъни, белгиланган хисобга олинадиган вақт ичида нормадан ортиқча иш иш вақтидан ташқари иш дейилади. Мисол учун, ходимга кундалик (сменалик) иш 8 соат белгиланган бўлиб, ушбу ходим шу куни 10 соат ишлаган бўлса, у иш вақтидан ташқари 2 соат ишлаган бўлади. Иккинчи мисол: ҳафта давомида 40 соат ишлаш керак бўлиб, 45 соат ишланган бўлса, бунда иш вақтидан ташқари 5 соат ишланган бўлади.

Саволда келтирилган вазиятда ходимга 15 кунлик ишга 165 соат белгиланган. Худди шу 15 кун ичида 165 соатдан ортиқча ишлаган бўлса, ўша ортиқча соатлар иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади ва бундай ортиқча иш соатлари йилига 120 соатдан ошиши мумкин эмас. Агар 15 кун ичида иш соатлари нормадан ошмаган бўлиб, ходим ўзининг дам олиш кунлари ишга жалб қилинса, бу иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобламайди. Бундай иш дам олиш кунидаги иш деб ҳисобланади. Қонунчиликда дам олиш кунлари ишга неча марта жалб қилиниш мумкинлиги белгиланмаган. Дам олиш кунлари ишга жалб қилиш Меҳнат кодексининг 209-212-моддаларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.