Саволнинг ID си: 6362
Жисмоний шахс биржа орқали 2011 йил январь ойида иккита савдо дўкони харид қилган. Дўконлар қурилаётган бозор худудида жойлашган бўлиб, бозор 2015 йилнинг сўнгида ишга туширилган. 2016 йил январь ойида кадастр ҳужжати расмийлаштирилган. 2011 йилдан буён мулк солиғи тўланмаган.
2011 йилда сотиб олинган, 2015 йил охирида ишга туширилган бозор ҳудудида жойлашган савдо дўконига кадастр ҳужжатлари 2016 йилнинг январь ойида расмийлаштирилган бўлса унга мулк солиғи қандай ҳисобланади?
Экспертларнинг жавоблари:

Солиқ кодексининг 272-моддасига мувофиқ жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ тўловчилари бўлиб мулкида солиқ солинадиган мол-мулки бўлган жисмоний шахслар ҳисобланишади. Жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтганидан кейингина, яъни ер участкасига ва бино (кадастр)га мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома берилганидан сўнг кучга киради.  Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилмасдан амалга оширилган кўчмас мулк билан боғлиқ битимлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади (Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом, ЎзР ВМ 07.01.2014 й. 1-сон Қарорига 1-Илованинг 3-банди).

Жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ юридик шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади (Солиқ кодексининг 276-моддаси).

Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси мол-мулкнинг 1 январга бўлган ҳолатига кўра инвентаризация қийматидан ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади. Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни солиқ даври учун тўлаш ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар амалга оширилади (Солиқ кодексининг 277-моддаси).

Шу тариқа, сиз дўконларнинг мулк эгаси сифатида кадастрни олганингиздан кейин (мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказгач) тан олинасиз. Дўконлар бўйича мулк солиғи уларга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб, яъни 2016 йилнинг январидан юридик шахслар учун белгиланган ставкада (нотураржой объекти сифатида) тўлашингиз зарур. 2016 йилга юридик шахслар учун база ставкаси 5% этиб белгиланган.

2011-2015 йиллар учун кўрсатилган дўконларга мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги сабабли бу даврга мулк солиғини тўлаш керак эмас. 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.