Саволнинг ID си: 7589
Ассалому алейкум "Norma Ekspert" мутахассислари. Мен «Турон» МЧЖда хисобчиси лавозимида ишлайман. Саволим шуки, корхонамиз ишчи ходими ўзининг охирги етти йиллик иш вақти давомида бирон марта ҳам меҳнат таътилига чиқмаган эди. Эндиликда ходим етти йиллик меҳнат таътили пулини ҳисоблаб, тўлаб беришимизни талаб қилмоқда. Бу масала бўйича меҳнат кодексининг 151-моддасида «Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади» банди ва 275-моддасида «Ходимнинг пул ундиришга доир бошқа талаблари уч йилдан ортиқ бўлмаган муддат учун қондирилади» деб белгиланган.
Ходим етти йиллик таътил пулини сўраганда, 7 ёки 3 йиллик меҳнат таътили ҳисоблаш керакми?
Экспертларнинг жавоблари:

Ишдан бўшамасдан туриб, 7 йиллик таътил учун пуллик компенсация тўлаш тўғрисидаги талаб, қонунчилик талабларига зиддир, чунки МК 151-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга, бекор қилиш асосидан қатъи назар фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади.

Ходимларга иш даврида эса, уларнинг хоҳишига кўра, йиллик таътилнинг Меҳнат кодексининг 134-моддасида белгиланган энг оз муддатидан (ўн беш иш кунидан) ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин.

Эслатиб ўтамизки, ушбу таътиллар "куйиб кетмайди" ва барибир ходимга тегишли бўлиб қолади. Гарчи иш берувчи шу тарзда меҳнат қонунчилигини доимий тарзда бузсада, бунинг учун маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин, лекин ходим бундан азият чекмайди (МКнинг 133, 143, 144, 151, 152 ва 275-моддалари).

 

 

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.