Саволнинг ID си: 9673
Ташкилотда ишловчи ходим 5 йиллик меҳнат фаолияти давомида меҳнат таътилига чиқмаган. Нима учун ушбу ходим меҳнат таътилига чиқмаганлиги ҳолатига ойдинлик киритилмаган. Мазкур ходим ишдан бўшаганидан сўнг ташкилотга мурожаат қилиб, фойдаланилмаган барча меҳнат таътиллари учун пуллик компенсация тўлаб беришни сўради.
Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганида, иш берувчи ходимга бир неча йил давомида фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун пуллик компенсация тўлаб беришга мажбурми?
Экспертларнинг жавоблари:

Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганида унга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўланади (МКнинг 151-моддаси). Ходим талаб қилмаган тақдирда ҳам иш берувчи корхона унга ушбу компенсация суммаларини барча йиллар учун тўлиқ миқдорда тўлаб беришга мажбур.

Ходимга барча фойдаланилмаган асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсация тўлаш тўғрисида буйруқ чиқариш хамда ходимга ушбу суммаларни тўлаб бериш лозим.

Агар ходим фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсацияни тўлаб берилмаганлиги муносабати билан судга мурожаат қилса, суд томонидан унинг бу талаби тўлиқ қаноатлантирилади (МКнинг 275-моддаси 2-қисми). Сизнинг корхонангиз бундан ташқари яна суд ва почта харажатларини ҳам тўлаб беришга мажбур бўлади.

Шунингдек, корхонангизнинг мансабдор шахсига нисбатан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузганлиги учун маъмурий жазо тайинланиши ва энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача бўлган миқдорда жарима солиниши мумкин (МЖтКнинг 49-моддаси).

Айтиб ўтиш жоизки, ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация суммаси меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад ҳисобланади (СКнинг 172-моддаси, 175-моддаси 1-банди, «а»-кичик банди). Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган солиқ, ФЖБПТ, ЯИТ ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари бўйича солиққа тортилади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.