Саволнинг ID си: 22539
Ходим билан "фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси" ёки "ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси" тузиш керак.
Уларнинг фарқи нимада?
Экспертларнинг жавоблари:

Фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома деганда фуқаролик қонунчилиги билан тартибга солинадиган барча турдаги шартномалар тушунилади, шу жумладан «ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси». Фуқаралик кодексининг 38-боби «ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш»га бағишланган. Ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси бўйича ижрочи буюртмачининг топшириғи билан ашёвий шаклда бўлмаган хизматни бажариш, буюртмачи эса бу хизмат учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Масалан, алоқа хизмати, тиббиёт, ветеринария, аудиторлик, маслаҳат, ахборот хизматлари, таълим бериш, сайёҳлик хизмати ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш  жумласига киради. Пудрат, йўловчи, багаж ва юк ташиш, транспорт экспедицияси, банк омонати, воситачилик, топшириқ, омонат сақлаш шартномалари ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасига кирмайди (ФК 703-м.). Лекин булар ҳам фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар ҳисобланади ва Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.

Айтиб ўтиш керакки, томонлар қонунчиликда (Фуқаролик кодексида) кўзда тутилмаган шартномаларни ҳам тузишга ҳақли (ФК 354-м.). Бундай шартномалар ҳам фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома ҳисобланади.

Экспертларнинг жавоблари уларнинг фикрларини акс эттиради ва Сиз мустақил қарор қабул қилишингиз учун ахборот асосини яратади. Ушбу сервисдан фойдаланишда Сиз сайт орқали савол бера туриб, уларга рози бўлган қоидаларга амал қилинади. Барча савол ва жавобларни эркин кўриш мумкин.
Жавоблар улар эълон қилинган санада долзарб ҳисобланади.